«PWC — Прайсвотерхаус Куперс Консультирование» компанияси «Хавфсиз шаҳар» ягона аппарат-дастурий комплекси доирасида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда консалтинг хизматларини кўрсатишда халқаро консултант бўйича тендер ғолиби бўлди.

Ахборот ва жамоат хавфсизлиги марказининг хабар қилишича, «Хавфсиз шаҳар» комплекси доирасида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда консалтинг хизматларини кўрсатишда халқаро консултант жалб қилиш бўйича тендерда Германия, Россия, Хитой, Исроил ҳамда маҳаллий компаниялар ўз таклифлари билан иштирок этишди.

«Хавфсиз шаҳар» ягона аппарат-дастурий комплекси ички ишлар органлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлари ахборот тизимлари, видеокузатув, қоидабузарликларни қайд этиш, объектларни қўриқлаш, эҳтимолий таҳдидлар ҳақида аввалдан ҳаракатланиш ва огоҳлантириш тизимлари, интеллектуал аналитика датчиклари, навбатчилик-диспечерлик марказлари ва маълумотларни қайта ишлаш марказлари ахборот тизимларини интеграция қилишни кўзда тутади.

Ўтган йил ёзида тасдиқланган ҳужжатга кўра, «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси 2023 йилга қадар бутун Ўзбекистонни қамраб олиши лозим.

PwC (PricewaterhouseCoopers) — халқаро компаниялар тармоғи бўлиб, аудиторлик ва консалтинг хизматлари, шунингдек солиққа тортиш ва юридик хизматларини кўрсатади.