10 октябрь куни Навоий вилояти Кармана туманида етти киши вафот этган ЙТҲ содир бўлган жойдан қочиб яширинган юк машинаси ҳайдовчиси ушланди. Бу ҳақда Кармана туман ИИБ «Газета.uz"га хабар қилди.

Аввал хабар қилганимиздек, авария М-37 автомагистралининг 188-километрида, «Қизилтепа-Кармана» қисмида тахминан 1:20 да содир бўлди. Юк машинаси билан тўқнашувдан сўнг Nexia енгил автомобили ёниб кетган. Барча вафот этганлар, жумладан уч бола Nexia автомобилида бўлган.

Ўзбекистон ФВВ хабарида айтилишича, Nexia ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва Shaanxi SX самосвали билан тўқнашиб кетган, дейилган эди. Бироқ туман ИИБдан қайд этилишича, экспертизадан сўнг ЙТҲ юк машинаси айби билан содир этилгани аниқланди.

Фото: Sevimli TV канали Zamon дастури лавҳасидан.

«Самосвал ортга қайрилишни амалга оширган ва ўз полосасида ҳаракатланиб келаётган Nexia автомобилини ўтказиб юбормаган», — деди суҳбатдош.

Бошқармадан хабар қилинишича, ҳодиса жойидан яширинган ҳайдовчи туман ҳудудида тахминан 15:30 да қўлга олинган.

Айбланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса / муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.