Россиялик таниқли дизайнер Артемий Лебедов сешанба куни Тошкент ҳокимияти вакиллари ҳамда шаҳар маъмурияти ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши экспертлари билан учрашув ўтказди. Ҳокимият матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашувда шаҳарни режалаштириш, архитектура ва дизайн соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Компаниянинг лойиҳалар бўйича раҳбари Алина Баженова Артемий Лебедов студияси Россия ва МДҲ давлатларида олиб борган ёрқин ишлар тўғрисида сўзлаб берди. Студия амалга оширган ишлар қаторида шаҳарлар логотиплари, шаҳар навигацияси, метрода навигацияни лойиҳалаш, шаҳар йўловчи транспорти, парклар ва оммавий тадбирлар, кичик архитектура шакллари ва бошқалар ўрин олган.

«Ўзбекистоннинг маданий-тарихий масканлари туристик жозибадорлигини ошириш учун фойдаланиш мумкин бўлган сайёҳлик логотиплари ва шаҳарларни безашдаги Лебедов студиясининг улкан тажрибасига асосий қизиқиш билдирилмоқда. Эҳтимолий ҳамкорликнинг устувор йўналишлардан бири шаҳар йўловчи транспортини лойиҳалаш ҳисобланади», — дея қайд этди матбуот хизмати.

Лебедев студияси Тошкент логотипини яратиш бўйича танловда иштирок этиш, шунингдек, жамоат кенгаши ва ҳокимият томонидан тилга олинган устувор мавзулар бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Қайд этиш жоизки, яқинда Москвада Тошкент шаҳар ҳокимиятининг делегацияси, жумладан, жамоатчилик кенгаши ва ИИББ ЙҲХБ вакиллари Артем Лебедев билан учрашган эди.

Артемий Лебедев Ўзбекистонга ташрифи чоғида пойтахт ишбилармонлари билан учрашиш ва Хивага ташриф буюришни режалаштирмоқда.