Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 октябрь куни Нью-Деҳлида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан турли соҳаларда икки давлат ҳамкорлиги бўйича музокаралар ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Аввалроқ Ҳиндистон президентининг «Раштрапати Бхаван» саройида Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Давлат раҳбарини Ҳиндистон президенти Рам Натҳ Ковинд ва бош вазир Нарендра Моди кутиб олди.

Нью-Деҳлида ўтган олий даражадаги музокаралар якунида имзоланган ҳужжатларни ўзаро алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг Қўшма баёноти қабул қилинди.

Ташриф доирасида илмий-техник ҳамкорлик, қишлоқ хўжалиги, туризм, ҳарбий таълим, адлия, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани, фармацевтика, космосни тинч мақсадларда тадқиқ этиш ва бошқа соҳаларга доир 20 та ҳужжат имзоланди.

Шунингдек, Андижон вилояти ва Гужарат штати, Самарқанд шаҳри ва Агра шаҳарлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Эркин фармацевтика зонасини ташкил этиш тўғрисида битимлар имзоланди.

ОАВ вакиллари учун ўтказилган брифингда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Ҳиндистон билан алоқаларга устувор аҳамият қаратиши, амалий руҳда ўтган музокаралар томонларнинг ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқлаганини таъкидлади. Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олингани қайд этилди (2017 йилда бу рақам 323,6 млн доллари, 2018 йилнинг биринчи ярмида эса — 134,7 млн долларни ташкил этди).

Бир кун аввал Шавкат Мирзиёев Ҳиндистоннинг йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

28 сентябрь куни Деҳлида Ҳиндистон-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтди, унда Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида Ишбилармонлик кенгаши ташкил этилди. Форумда Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Фарҳод Арзиевнинг таъкидлашича, кенгаш божхона тарифларини ўзаро пасайтириш ва эркин иқтисодий зоналарда миқёсли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича иш олиб боради.

Кенгашнинг турли соҳалардаги инвестицион лойиҳаларни муҳокама қилиш ва амалга ошириш учун платформа бўлиши ҳамда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида транспорт алоқасини ривожлантириш ва транзит йўлакларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.