Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ва Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У вазирлик биносида учрашди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув доирасида Маданият вазири икки мамлакат анъаналари ва маданиятининг яқинлиги ҳамда ўзбек халқининг Корея халқи санъатига бўлган қизиқиши ва ҳурмати беқиёслиги ҳақида таъкидлади.

Шунингдек, Корея Квон Ён У ҳам Ўзбекистон маданияти ва санъатига бўлган чексиз ҳурматини баён этди. Хусусан, яқинда ўтказилган «Халқаро мақом анжумани» унда катта таасурот уйғотгани, фестиваль ўта юқори савияда ташкиллаштирилгани ва меҳмонларга яратилган қулайликлар жаҳон стандартлари даражасида эканлигини айтиб ўтди. Айниқса, Ўзбекистон президенти ташаббуси билан илк бора ташкил этилган Халқаро мақом саъати анжумани бутун дунёни мақом санъатига чорлагани эътироф этилди.

Суҳбат давомида жорий йилнинг 22 сентябрдан 2 октябрга қадар Тошкент Жиззах ва Қарши шаҳарларида «Корея фестивали — 2018» тадбири бўлиб ўтиши бўйича келишиб олинди. Тадбирнинг ҳар томонлама юксак ташкиллаштирилиши учун барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.