ҚҲТБТ порталида жойлаштирилган навбатдаги лойиҳада соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш назарда тутилган. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Маълумот учун: «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги қонун лойиҳаси 2017 йил июнда муҳокама қилинган эди. Унда 16 та турли фаолият соҳасида давлатнинг хусусий тадбиркорлар билан ҳамкорлиги механизмларини белгилаш назарда тутилган (бу ерга қаранг). Ўтган йил сентябрида қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш режалаштирилган эди.

Қонун шу пайтгача қабул қилинмаган бўлса ҳам, ДХШнинг аниқ механизмлари, масалан, қуйидаги соҳаларга жорий этиб бўлинди:

таълим — мактабгача ва умумий ўрта (мактаб);

маданият ва санъат;

соғлиқни сақлаш — ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш ва фаолият юритиши қисмида ва ҳ.к.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлик муносабатларини кенгайтиришни режалаштирмоқда, тақдим этилган лойиҳа билан битимларнинг амал қилиш муддатларини аниқ белгилаган ҳолда ДХШнинг бир қатор янги шаклларини жорий этишни таклиф қилмоқда (қуйидаги жадвалга қаранг).


Т/р

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ДХШ шакли

ДХШ тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати

1

Нодавлат тиббиёт ташкилотлари биноларини қуриш учун ер участкаларини бепул асосда доимий фойдаланишга бериш

камида 30 йил

2

Фаолият юритмаётган давлат тиббиёт ташкилотлари биноларини ноль даражали харид қийматида реализация қилиш

камида 30 йил

3

Давлат тиббиёт ташкилотларининг фойдаланилмаётган бинолари ёки корпусларини хусусий шерикларга узоқ муддатли бепул мақсадли фойдаланишга бериш

камида 30 йил

4

Фаолият юритаётган давлат тиббиёт ташкилотлари ҳудудида нодавлат тиббиёт ташкилотлари биноларини қуриш учун ер участкаларини бепул асосда доимий фойдаланишга бериш

камида 30 йил

5

Мавжуд давлат тиббиёт ташкилотларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, кейинчалик оталиққа олиш шарти билан нодавлат тиббиёт ташкилотлари объектларини қуриш учун ер участкаларини бепул асосда бериш

камида 30 йил

6

Концессия асосида қурилиш учун ер участкаси ёки реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бино ажратиш

15 йилгача

7

Хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил этилган нодавлат тиббиёт ташкилотларини моддий-техникавий ва молиявий жиҳатдан таъминлаш

белгиланмайди

8

Қуйидагиларни аутсорсинг шаклида бажариш:

белгиланмайди

ёрдамчи хизмат турлари

беморлар учун овқат тайёрлаш, шу жумладан даволовчи овқатланишда парҳез таомлар тайёрлаш

ич кийим ва махсус кийимларни, бошқа юмшоқ инвентарни ювиш, уларга профессионал ишлов бериш — кир ювиш хизматлари

тиббий буюмлар ва асбобларни марказлаштирилган тарзда стериллаш

дезинфекция ва дератизация

бино ва иншоотларга хизмат кўрсатиш, уларни сақлаш ва таъмирлаш

қўриқлаш ва ёнғин сигнализацияси, кондиционерлаш, вентиляция, сув таъминоти, канализация тизимларини ўрганиш ва уларга хизмат кўрсатиш

бинолар, иншоотларнинг муҳандислик ва техник тизимларидан фойдаланиш, уларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш

тиббий ускуналарга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш

чиқиндиларни (симобли лампалар ва б.) йиғиш, анатомик чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш, тиббий чиқиндиларни утиллаштириш ва профессионал тозалаш

транспорт хизматлари ва ташиш, юкларни етказиб бериш хизматлари

иссиқлик ва электр энергияси, совуқ ва иссиқ сув истеъмолининг ҳисобини юритиш, энергия ва сув истеъмоли мақбуллаштирилишини таҳлил қилиш

алоқа, интернет-, радио-, телекоммуникация тизимлари, сервис тизимлари, авария тизимлари, кириш тизимларини бошқариш

айрим турдаги тиббиёт хизматлари

лаборатория таҳлилларини ўтказиш (қорин ичидаги инфекцияларни текшириш, кимёвий-токсикологик текширишлар, цитологик ва гистологик текширувлар ва бошқалар)

рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган замонавий диагностика ускуналаридан фойдаланган ҳолда ташхис қўйиш ва даволаш

беморларга гемодиализ хизматларини кўрсатиш

ихтисослаштирилган тиббий буюмлар ва асбобларни тайёрлаш (айниқса травмотологик операцияларни ўтказиш учун тиббий ташкилотларнинг буюртмаларига кўра)

Юқорида кўрсатилган жадвалнинг 1 — 6-шакллари бўйича ДХШ тўғрисидаги битим Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида тузилади, 7 ва 8-вазиятларда эса танлов ўтказилмайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат томонидан шерик сифатида битим тузади ва хусусий шерикнинг битим шартларини бажаришини мониторинг қилади.

Шу ўринда айтиш жоизки, ДХШ шаклига қараб хусусий шерикнинг қуйидаги турдаги инвестиция мажбуриятлари таклиф этилади:

муайян сонли ижтимоий кўмакка муҳтож шахсларга имтиёзли тўлов белгилаган ҳолда ёхуд бепул тиббий хизматлар кўрсатиш;

давлат тиббиёт ташкилотлари учун ёрдамчи функцияларни, шунингдек жойлардаги соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгиланган ҳажмларда айрим турдаги даволаш-профилактика хизматларини бажариш;

хусусий шерикка бириктирилган давлат тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ва бошқалар.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.