Водородли ёнилғида ҳаракатланувчи дунёдаги биринчи Coradia iLint поезди 16 сентябрь куни Букстехуде-Куксхафен йўналиши бўйича илк синов рейсини амалга оширди, дея хабар қилди «Интерфакс» Deutsche Welle маълумотига таянган ҳолда.

Транспорт воситаси Зальцгиттерда Европанинг биринчи тезюрар поездлар ишлаб чиқарувчиси ҳисобланган Франциянинг Alstom компанияси томонидан тайёрланди.

Таркиб томига водород ёнилғиси ҳамда водород энергиясини электр токига айлантириб берувчи ёнилғи элементи солинган цистерна ўрнатилди.

Поезд соатига 140 км гача тезликда ҳаракатланиб, 1000 км масофани босиб ўта олади.

2021 йилдан Букстехуде-Куксхафен йўналиши бўйича 14 поезд мунтазам қатновларни амалга оширишни бошлайди.

Ер транспорти вазирлиги келгусида дизелда ҳаракатланувчи ҳудудий поездларни водородлилари билан тўлиқ алмаштиришни режалаштирмоқда. Deutsche Welle хабарига кўра, мазкур мақсадлар учун 81 млн еврога яқин маблағлар ажратилган.