Кўргазмалар халқаро биеннале болалар бадиий ижодиётини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон болаларининг дунё мамлакатларидаги тенгдошлари билан ўзаро ижодий мулоқот ва турли маданиятлар ҳақида тасаввурни бойитиш мақсадида ўтказилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан Ташқи ишлар, Халқ таълими вазирликлари, Ёшлар иттифоқи, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан биргаликда ўтказилувчи ушбу кўргазмага ҳозирданоқ маҳаллий ва хорижий давлатларнинг болаларидан кўплаб расмлар келмоқда.

Биенналенинг кўргазмалари Марказий кўргазмалар зали, Тошкент Фотосуратлар уйи ва Халқаро маданият карвон саройи павильонларида бўлиб ўтади. Унда 5 ёшдан 15 ёшгача бўлган иштирокчилар ўз суратлари билан қатнашиши мумкин.

Гран-при биенналенинг бош соврини ҳисобланади ва у диплом билан биргаликда битта иштирокчига топширилади. Шунингдек, энг яхши ижодий иш соҳиблари олтин, кумуш, бронза медаллари, эсдалик совғалар билан тақдирланади. Ишлари кўргазмага қўйилган иштирокчиларга «Тошкент қувончлари» IV халқаро болалар расмлари биенналесининг сертификатлари берилади.

Турли давлат ва нодавлат ташкилотлар, халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари томонидан «Мавзуни энг яхши ёритганлиги учун», «Касбий маҳорат учун», «Ижодий хаёлот» ва бошқа йўналишлар бўйича рағбатлантирувчи соврин ҳамда мукофотлар таъсис этилган.