2018 йилнинг 18 сентябрида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов Душанбеда ўтказилган МДҲ мамлакатларининг адлия вазирлари кенгаши йиғилишда иштирок этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Унда МДҲ мамлакатларида юридик хизмат кўрсатиш соҳасида маълумот узатиш ва сақлаш бўйича энг янги технологиялардан фойдаланиш, жазони ижро этиш органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоат назоратини амалга оширишни қонуний тартибга солиш ҳамда Ҳамдўстлик давлатларида турли жиноий жавобгарликка тортиш чоралари бўйича тажриба алмашилди.

Шунингдек, фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар механизмларини такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида материаллар тайёрлаш экспертларининг йиғилиши ҳамда МДҲ мамлакатлари адлия вазирлари кенгаши Ишчи гуруҳининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтади.

Учрашув давомида 2018 йилда Тожикистоннинг МДҲ давлатларидаги раислиги масаласи ҳам муҳокама қилинади.