12 сентябрь куни Тошкентдаги «Универсал» спорт мажмуасида МДҲга аъзо давлатлар ҳарбий хизматчилари ўртасида армия қўл жанги бўйича халқаро чемпионатнинг финал баҳслари якунига етди.

Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари якка баҳсларда бешта биринчи ўринни қўлга киритиб, мусобақа ғолибига айланди, дея хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Сержант Шахбоз Турсунов (-60 кг), шартнома бўйича оддий аскарлар Олим Нормуродов (-65) ва Отабек Ҳамзалиев (-70), сержант Жаҳонгир Жумаев (-75) ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари Академияси курсанти Бекзод Нурматов (-85) олтин медалларга сазовор бўлди.

Қолган икки вазн тоифасида россиялик ҳарбий хизматчилар — лейтенант Зорико Галсанов (-80) ва Анатолий Токов (-90) энг яхши натижаларни қайд этди.

Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон армиячилари биринчи, Россия иккинчи ва Қирғизистон учинчи бўлди.

Армия қўл жанги чемпионатида Россия, Белорусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари иштирок этди.

Видео

Фото