11 июль куни «Нукус» халқаро аэропортининг янгиланган йўловчи терминали ишга туширилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Терминалда бир соатда 400 йўловчига хизмат кўрсатилиши имконияти мавжуд. Реконструкция қилинган бинонинг учиш олдидан назорат ва юк топшириш зонаси кенгайтирилди. У ерда иккита тасма мавжуд бўлиб, халқаро ва маҳаллий парвозлар учун алоҳида хизмат кўрсатилади. Бино Европа услубидаги кондиционер ва вентиляция тизими билан жиҳозланди.

Маҳаллий ва халқаро йўналишлар йўловчилари учун алоҳида учиш заллари ташкил этилган. Шунингдек она-бола хоналари, тиббиёт пункти, валюта айирбошлаш шохобчалари, сувенир дўконлари, кафе-бар ва бошқа қулайликлар мавжуд.

«Терминал лойиҳада белгиланган муддат — бир йил ичида қурилди, — дейди „Нукус“ халқаро аэропортининг йўловчилар парвозини ташкиллаштириш хизмати бошлиғи Конисбай Нуратдинов. — У бир соатда 200 кишини учириб юбориши ва яна шунча йўловчини қабул қила олади».

Ҳозир аэропорт душанба куни Миллий авиакомпаниянинг Нукус-Москва-Нукус йўналишида парвозларни ва ҳар куни куни Тошкентга иккита рейсни амалга оширмоқда. Конисбай Нуратдиновнинг айтишига қараганда, айни пайтда Қозоғистоннинг Scat Airlines авиакомпанияси билан Олмаота ва Актауга рейслар очиш бўйича музокара олиб борилмоқда. Октябрь ойида «Уральские авиалинии» орқали Москвага мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Аэропортнинг реконструкция ишлари «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш ва мамлакат аэропортларини модернизация қилиш дастури доирасида амалга оширилди.

«Нукус» халқаро аэропорти ҳар қандай русумдаги самолёт ва вертолётларни қабул қилиш имконига эга. Учиш-қўниш йўлагининг узунлиги 3 минг метр, кенглиги 45 метрдан иборат. Аэродромда халқаро стандартларга жавоб берувчи замонавий ёритиш-сигнал ва аэронавигация ускуналари ўрнатилган.

Фото