Тошкентда йўл патруль хизматининг тажрибавий мотогуруҳи тузилди, деб хабар берди Тошкент шаҳар ИИБ сайти. У Ўзбекистон Президентининг «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Ушбу гуруҳга йўллар ва кўчаларнинг ҳаракатланиш қийин бўлган қатнов қисмларида, одамлар гавжум жойларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Мотоциклнинг автомобилга кўра манёвр қилиши осонроқ, габаритлари ҳам ихчамроқ бўлганлиги учун ЙПХ ходими мотоциклда керакли жойга тезроқ етиб кела олади, деб аниқлик киритди шаҳар ИИБда.

Бу айниқса тирбандликлар ҳосил бўлган, йўл-транспорт ҳодисалари ёки серқатнов чорраҳада светофор ишламаётган пайтда қўл келади.

Мотогуруҳга «А» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига ва мотоцикл ҳайдаш тажрибасига эга ходимлар танлаб олинди. Бошқариш малакасини ошириш бўйича машғулотлар махсус автодромларда ўтказилди. Машғулотлар тугагач 16 август кунидан ЙПХ ходимлари Honda русумли ва POLICE ёзуви бўлган мотоциклларда шаҳар кўчалари бўйлаб патруллик қилишни бошлади.

Агар тажриба ўзини оқласа, ЙПХ мотогуруҳ ходимлари доимий тарзда Тошкент йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлайди. Айни тажриба Самарқанд ва Хоразм вилоятларида ҳам ўтказилмоқда.