Ўзбекистонда шанба ва якшанба кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши Ахборот хизматининг «Газета.uz» га берган маълумотларга кўра, шанба куни ҳашарда соат 12:00 гача 8,326 миллион киши иштирок этган, уларнинг 5,3 миллион нафарини ёшлар ташкил этди.

Ярим кун ичида умумий майдони 18,56 минг га ҳудуд ободонлаштирилди, 11,66 минг км ариқ ва лотоклар тозаланди, 6, 432 миллион туп дарахтга шакл берилди ва оқланди. 5400 дан зиёд қабристон ва 423 та зиёратгоҳ тартибга келтирилди.

Ҳашар кунларидаги одатга кўра эҳтиёжманд инсонларга ёрдам кўрсатилади. Ҳозиргача 10,39 минг оила, шундан жисмоний имконияти чекланган 3010 фуқаро ва ёлғиз кексаларга мурувват ёрдамлари кўрсатилди. 6124 та оиланинг 248,87 минг м. кв. уй-жойларининг таъмирланишида ёрдам кўрсатилди.