Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида 30 июлдан буён ўтказиб келинаётган «Тозалаш-Антитеррор» тадбири жараёнида жиноят содир этилиб, тергов ва суд органлари томонидан қидирувда бўлган 90 нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ўз сайтида маълум қилди.

Ўтган давр мобайнида 475,5 минг кўп қаватли уйлардаги хонадон, ертўла ва чордоқлар, ҳовлили уйлар, корхона ва ташкилотлар ҳамда бошқа турдаги объектлар текшириб чиқилмоқда.

Қарийб 7 кг миқдоридаги гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ 44 та жиноят аниқланди. Шунингдек 16 та фоҳишахона сақлаш ва қўшмачилик қилиш жиноятлари ҳамда 2 та ўқ-отар қўролларни ноқонуний сақлаш жиноятлари фош этилди.

Мавзе ва махаллаларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш борасида жамоат вакиллари билан биргаликда маҳаллаларда ва корхона ташкилотларда ҳамда таълим муассасаларида хавфсизлик юзасидан 1023 та учрашувлар ташкил этилди. Олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида кўп қаватли уйларга қўшимча 354 та видеокузатув камералари ўрнатилиб, 209 та хонадон Тошкент шаҳар ИИББ хузуридаги Қўриқлаш бошқармаси томонидан қўриқловга олинди.