Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти бўйлаб сафари жараёнида Марғилондаги Эркин Воҳидов номи берилган маданият ва истироҳат боғини реконструкция қилиш лойиҳаси билан танишди, деб хабар қилди ЎзА.

Истироҳат боғининг майдони 9 гектардан 16 гектарга етказилди. Боғнинг кириш қисмида ёзувчи-ижодкорлар хиёбони ташкил этиш, унга Эркин Воҳидовнинг ҳайкалини ўрнатиш кўзда тутилган.

Турли тадбирлар ўтказиладиган амфитеатр, ош маркази ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этиш белгиланган. Эркин Воҳидов номидаги ёш ижодкорлар мактаби очилади. Бундан ташқари, боғда турли аттракционлар ўрнатилиб, бир неча чойхона аҳолига хизмат кўрсатади. Истироҳат боғига турли мевали ва манзарали дарахтлар, гуллар экилади.

Президент қаҳрамон шоир номи билан аталадиган ушбу боғ ҳар томонлама мукаммал бўлиши, уни ёшлар маънавиятини юксалтирадиган масканга айлантириш, хиёбонга Эркин Воҳидовнинг энг сара шеърларидан намуналар ёзилган лавҳалар ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Бу ерга келувчилар Эркин Воҳидов шеърларидан баҳраманд бўлиб, маънавий оламини янада бойитиб олсин, деди давлат раҳбари.

Истироҳат боғига экиладиган ҳар дарахтга алоҳида эътибор қаратиш, замонавий аттракционлар ўрнатиш, уни замонавий сўлим масканлардан бирига айлантириш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Шу ерда Фарғона вилояти туман ва шаҳарлари марказларини замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида ривожлантириш бош режаси, Марғилонда туризмни ривожлантириш дастури, тижорат банклари томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Дастур доирасида уй-жой қуриш, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация тизимлари, ижтимоий соҳа инфратузилмасини янада ривожлантириш соҳаларида ўнлаб лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Давлат раҳбари Марғилон ҳунармандлар марказини ташкил этиш, соҳа ходимлари учун қулай солиқ имтиёзлари, зарур шарт-шароитлар яратиш, бошқа лойиҳаларни ҳам янада мукаммаллаштириш, қурилиш ишларини ўз вақтида амалга ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.