Ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов Россияда ўтадиган Конфедерациялар кубогида хизмат қиладиган 36 нафар ҳакам рўйхатидан ўрин олди, деб хабар берди Халқаро футбол федерацияси (ФИФА).

Арбитрлар ФИФА ҳакамлар қўмитаси томонидан 2018 йилги жаҳон чемпионати учрашувларида хизмат кўрсатишга салоҳиятли номзодлар орасидан танлаб олинди. Улар барча олти конфедерация вакиллари ҳисобланади.
Равшан Эрматов мусобақада бош ҳакамнинг видеоёрдамчиси вазифасида фаолият олиб боради. ФИФА президенти Жанни Инфантино аввалроқ Конфедерациялар кубогида видеоёрдамчи ҳакамлар тизимидан (VAR) фойдаланилишини маълум қилган эди. Ассистентлар видеооператорлар хонасида ўтириб, барча камералар қайдларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Улар ўйин бош ҳакамига учрашув натижасига яққол таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлардаги яққол хатоликлар тўғрисида хабар бериши мумкин. Бироқ якуний қарорни бош ҳакам қабул қилади.
VAR тизимидан ташқари Конфедерациялар кубогида ҳакамлар дарвоза ишғол қилинганини аниқлаш тизими (GLT) имкониятларидан ҳам фойдаланиши мумкин.