Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев пайшанба куни Жиззах вилоятига сафари жараёнида Жиззах шаҳрининг бош режаси асосида амалга оширилиши режалаштирилган бунёдкорлик лойиҳалари билан танишди, деб хабар қилди ЎзА.

Темирйўлчилар ва Тошкент кўчаларининг меъморий ечими бўйича лойиҳа шаҳарда темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолини арзон ва замонавий уй-жойлар билан таъминлашга қаратилган. Лойиҳага мувофиқ мазкур кўчаларни туташтирувчи 900 метрли, тўрт полосали яна бир йўл қурилади. Янги кўчанинг икки томонида 5−7 қаватли замонавий уй-жойлар бунёд этилади. Жиззах шаҳрининг Мустақиллик кўчасида ҳам 7 қаватли турар жойлар қурилади. Ўзбекистон кўчаси кенгайтирилади.

Жиззах вилояти туманлари марказларида бунёд этиладиган 4 қаватли арзон уй-жойлар лойиҳаси ҳам тақдим этилди.

Давлат раҳбари бу кўча ва янги уйлар шаҳар қиёфасини ўзгартириш, аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Бундан ташқари, Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбонларини барпо этиш лойиҳалари ҳам намойиш этилди. Шароф Рашидов хиёбони унинг ҳайкали ўрнатилиб, атрофида боғ яратилади. Ушбу хиёбон шу йил ноябрь ойида очилади.

Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбонини барпо этиш, мазмун-моҳиятини бойитиш, уларнинг мактабларини ташкил этиш юзасидан ҳам кўрсатмалар берилди.

Худди шу куни аввалроқ Шавкат Мирзиёев Шароф Рашидов тумани (Собиқ Жиззах туман) «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди. Бу ерда у «Учтепа» массивида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уй-жойларда яратилган шароитларни кўздан кечирди. Ҳар бири 16 хонадонли 2 та икки қаватли ва 10 хонадонга мўлжалланган 2, 3 хонали, 2 сотих томорқа ва ёрдамчи иншоотларга эга битта бир қаватли уйда 42 та оиланинг замонавий шароитларда яшаши учун барча қулайлик яратилган.

Жорий йилда вилоятда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича 18 массивда 866 уй-жой қурилиши мўлжалланган. «Учтепа» массивида 6 та 2 қаватли 16 хонадонли арзон уй-жойлар қурилиши олиб борилмоқда. Мазкур уйлар 1 сентябргача фойдаланишга топширилиши мўлжалланган.