Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 84 ёшли оқсоқол Шоди бобо Хўшбоқовга Captiva автомобилини совға қилди, деб хабар берди ЎзА. Давлат раҳбари 10−11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига сафари давомида унинг хонадонига ташриф буюрган эди.

«Давлатимиз раҳбари билан оиламизнинг кундалик турмуши, маҳалламиз ҳаёти, фарзанду набиралар тарбияси, ўқиши, иши, деҳқончилик сирлари, юртимизда юз бераётган ўзгаришлар, хуллас, ҳамма нарса ҳақида гаплашдик, — деди оқсоқол. — Президентимиз Шавкат Мирзиёев томорқамизга қараб туриб, Сурхондарёни яхши биламан, тупроғи унумдор, мўл ҳосил олиш учун жуда қулай, дедилар».

Шоди бобо Хўшбоқов ва унинг оиласи томорқасида эртаки картошка, помидор, полиз маҳсулотлари ва кўкатлар етиштириб, йилига уч марта ҳосил олади. Ўтган йили отахон картошкадан 25 миллион сўмдан ортиқ даромад олди.

«Бир дона картошкамиз 800 граммгача тош босади, — дейди Шоди бобонинг ўғли Шокир Хўшбоқов. — Кўпчилик бунинг сири нимада, деб сўрайди. Отам бизга мўл ҳосил олиш учун ерни экишга обдон тайёрлаш, қишда қўйнинг чириган қийи билан озиқлантириш, яхши уруғ танлашни ўргатган».

Оқсоқол Президентга совға учун миннатдорчилик билдириб, бундан фахрланишини таъкидлаб ўтди.