3 февраль куни Жаҳон бокс серияси (WSB) VII мавсуми старт олади. Шу куни Uzbek Tigers жамоаси Хитойнинг China Dragons клубига қарши жанг олиб боради. Ўзбекистондан жами бўлиб 30 боксчи — ҳар бир вазн тоифасидан уч нафардан спортчи ариза топширган.

Тўлқин Қиличев раҳбарлиги остидаги «Ўзбек йўлбарслари» асосий таркибидан 10 та вазн тоифасида 10 боксчи, яна 20 нафари захира таркибидан ўрин олган. Жумладан, Олимпия ўйинлари олтин медали соҳиби Шаҳобиддин Зоиров 52 кг гача эмас, балки 56 кг вазн тоифасида жангга киришади. Янги дивизионда Олимпиада бронза медали соҳиби Муроджон Аҳмадалиев (56 дан 60 кг га), 2015 йилги жаҳон чемпионати бронза медали совриндори Элнур Абдураимов (60 дан 64 кг), 2016 йилги Олимпиада вице чемпиони Бектемир Мелиқўзиев (75 дан 81 кг гача) ҳам қатнашади.

Олимпиада «олтин"и ва «кумуш"и соҳиби бўлган Ҳасанбой Дўсматов (49 кг гача) ва Шаҳрам Ғиёсов (69 кг гача) ўз вазн тоифаларида рингга кўтарилади.

Айни пайтда халқаро мусобақага тайёргарлик доирасида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг биринчи, иккинчи ва учинчи таркиби Тошкент вилоятидаги «Янгиобод» базасида ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Бу ерда машғулотларнинг биринчи босқичи 19 январга қадар давом этади.