Жорий йил сўнгига қадар Ўзбекистонда ҳаво шарида осмонга кўтарилиш имконияти пайдо бўлиши мумкин. Ҳозирча Чимён тизмасида «фаол дам олиш ҳудуди"ни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Кейинчалик эса бутун мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш имконияти пайдо бўлади.

Январь ойи аввалида Адлия вазирлиги Аэронавтика федерацияси — нодавлат нотижорат ташкилотини рўйхатдан ўтказди. Мазкур федерация ҳавода учиш ва ҳавода учиш спортини ривожлантиришни асосий мақсад қилиб белгилаган.

«Ҳаво шарида парвоз қилиш, эҳтимол, кўп миллион болалардаги каби менинг ҳам орзуим эди, — деди янги федерация раиси Тоҳир Солиев «Газета.uz"га. — Мазкур орзуни амалга оширишга эришдим ва буни бошқалар билан бўлишишни истайман».

Лойиҳа учун Россиянинг «Русбал» илмий ишлаб чиқариш корхонасидан дастлабки учта ҳавода парвоз қилиш ускунаси жамланмасига буюртма берилди.

«Биз ташкилий масалаларни ҳал қилиш, нафақат даромад кўриш, балки жаҳон сайёҳлик марказларидан бири сифатида мамлакатимиз имиджини фаол тарғиб қилиш учун катта имконият тақдим этувчи ишга маблағ киритишни истовчи ҳомийларни ҳам излаяпмиз», — деб қайд этди Тоҳир Солиев.

Биринчи ҳаво шарини куз ойларида Чорвоқ сув омбори қирғоқларида ҳавога учириш режалаштирилмоқда. Кейинги режалар қаторидан Ҳавода учиш бўйича 2018 ёки 2019 йилги Осиё чемпионатида иштирок этиш ҳам ўрин олган.