Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ўз хоҳишига кўра пахта йиғим-теримида иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда Касаба уюшмалари федерацияси ижтимоий-меҳнат қоидалари тўғрисида аҳоли хабардорлигини ошириш бўйича ахборот кампаниясида маълум қилади.

Фуқаролар қулай меҳнат шароитлари (маиший, гигиеник ва хавфсизлик бўйича)га эга бўлиш ҳамда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз пахта йиғим-теримида иштирок этишдан воз кечиш ҳуқуқига ҳам эга, дейилади тарғибот материалларида.

Пахта йиғим-терими ва ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид ҳар қандай савол юзасидан 1092 ва (71) 200−06−01 ишонч телефонларига мурожаат қилиш мумкин.

Ўзбекистон қонунчилиги мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлайди. Касаба уюшмалари федерацияси қошидаги болалар меҳнати бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш олиб бораётган ахборот кампанияси доирасида барча ҳудудларда болалар ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик тўғрисида баннер ва постерлар жойлаштирилиб, флаерлар тарқатилмоқда. Бундан ташқари, вазирликлар, идора ва ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ўқитиш учун методологик материаллар ишлаб чиқилди, дея хабар қилмоқда федерация матбуот хизмати.