Навоийда марказий деҳқон бозори таъмири якунига етди. Бозор раҳбари Жумамурод Каримов сўзларига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қуруқ мевалар, гўшт, сут, гўшт ва сут маҳсулотлари савдоси бўйича павильонлар таъмири учун 500 млн сўм атрофида маблағ сарфланди.

Таъмир ишлари жараёнида сув қувурлари алмаштирилиб, мева ва сабзавот захираларини куз-қиш мавсумигача сақлаш учун 300 тонна сиғимга эга музлаткичли омборхона барпо этилди.

Бозор маъмурияти вилоят фермерларига ўз маҳсулотларини сотишлари учун дўконларни тақдим этмоқда. Улардан бири Қизилтепа туманидаги «Акмал шифо асал» фермер хўжалиги дўкони бўлиб, бу ерда табиий асалнинг беш тури савдога чиқарилган. Сотувчи Дилором Шабанованинг таъкидлашича, жорий йил 305 асалари уясидан 6 тонна фойдали маҳсулот олинган.

Айни пайтда Навоийда яна иккита деҳқон бозорини таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда.