26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Полша Республикаси Ҳукумати ўртасида дипломатик паспорт эгаларининг ўзаро визасиз сафарлари тўғрисидаги битим кучга кирди, дея хабар қилмоқда ТИВ матбуот хизмати. Ушбу ҳужжат 2015 йилнинг 10 сентябрь куни Варшава шаҳрида имзоланган.

Мазкур халқаро шартномада Ўзбекистон ва Польша дипломатик паспорт эгаларининг кириш, чиқиш, транзит ва ҳар 180 кун давомида 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда иккинчи давлат ҳудудида бўлишлари учун визасиз режимга амал қилиниши кўзда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон ёки Польша дипломатик паспорт эгалари, дипломатик ваколатхоналар ёки консуллик муассаларда ишга тайинланса, аккредитация муддати давомида виза расмийлаштирмасдан қабул қилувчи давлатга кириши, чиқиши ва унинг ҳудудида бўлиши мумкин.