Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ХХХI ёзги Олимпия ўйинларида бронза медалини қўлга киритган Наманган бокс мактаби тарбияланувчиси Муроджон Аҳмадалиевга вилоят марказидаги икки хонали уй тортиқ қилинди. Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги сайти хабар қилди.

Вилоят ҳокимлигида Олимпия совриндори ғалабасига бағишлаб ўтказилган маросимда спортчига Наманган шаҳрининг Бобуршоҳ кўчасида барпо этилаётган кўпқаватли уйдан икки хонали хонадон калити берилди.

Эслатиб ўтамиз, Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида 13 нафар ўзбекистонлик совриндор бўлди. Улар томонидан 4 олтин, 2 кумуш ва 7 бронза медали қўлга киритилиб, мамлакатнинг Олимпия ўйинларидаги энг яхши натижаси қайд этилди. Умумий натижага кўра Ўзбекистон 21- ўринни банд этган бўлса, бокс бўйича жаҳонда биринчи поғонани эгаллади.