Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (МТРК) хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг фойдаланиш учун алоҳида ҳуқуқларни талаб қилувчи маҳсулотларини телерадиоэфирларга жойлаштириш мақсадида лицензион ҳуқуқларни харид қилиш бўйича импорт шартномаларини танлов (тендер) савдоларини ўтказмасдан тузиш ҳуқуқига эга бўлди.

Вазирлар маҳкамасининг 23 августдаги қарорига мувофиқ, МТРК ижодий кенгашининг қарори билан шартномалар имзоланади, хабар қилмоқда Norma.uz.

Ижодий кенгаш шакллантирган хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг телерадио маҳсулотлари рўйхати МТРК раиси томонидан имзоланади. У маҳсулотларнинг миллий анъана ва умумқабул қилинган маданий қадриятларга мувофиқ келишига бевосита масъул ҳисобланади.

Лицензион ҳуқуқларни сотиб олиш учун импорт шартномалари Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги экспертизасидан ўтказилмайди.

Лицензион ҳуқуқларни харид қилиш билан боғлиқ харажатлар МТРКнинг мазкур мақсадлар учун кўзда тутилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Марказий банкка тегишли банклар билан биргаликда лицензион ҳуқуқларни харид қилиш бўйича импорт шартномаларга тўловларни амалга ошириш учун маблағларни хорижий валюталарга конвертация қилишни таъминлаш тавсия этилди.