Қашқадарё вилоятидаги Талимаржон иссиқлик электр станциясида 450 МВтга тенг замонавий буғ-газ ускунаси (БГУ) фойдаланишга топширилди, хабар қилмоқда «Правда Востока» газетаси.

Марказий Осиёда ягона бўлган 800 МВт қувватга тенг энергоблокка эга ИЭС 2004 йил ноябрда энергия ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлса, унинг қурилиши 1980- йилларда бошланган эди. Янги буғ-газ ускунаси ишга туширилиши билан Ўзбекистоннинг жануби-ғарбий қисмини энергия билан таъминлаб келаётган станциянинг қуввати 1,5 баробардан кўпроққа ошди.

«Талимаржон ИЭСни 2 та 450 МВт қувватли буғ-газ қурилмаси қуриш орқали кенгайтириш» инвестицион лойиҳасининг умумий қиймати 861,78 млн АҚШ долларига тенг бўлиб, Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering and Construction ва Daewoo International Consortium компаниялари иштирокида амалга оширилмоқда. Молиялаштириш манбалари — Осиё тараққиёт банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги қарз маблағлари, шунингдек, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитлари.

Янги БГУ 1 кВтс электр энергияси ишлаб чиқариши учун 220−225 г шартли ёнилғи сарфлайди. Бу эса 800 МВт қувватга эга энергоблокдаги одатдаги кўрсаткичдан 80−90 г кам демакдир. Натижада электр энергияси таннархи сезиларли даражада пасайиб, ёнилғи тежамкорлиги эса йилига 500 миллион куб метр табиий газ ҳисобига камайди.

БГУ-1 қаторида декабрда ишга туширилиши белгиланган иккинчи БГУни монтаж қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Инвестицион лойиҳанинг амалга оширилиши электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 7,2 миллирд кВтс га оширишга имкон беради.

Яқин йилларда яна иккита БГУ — Талимаржон ИЭСнинг тўртинчи ва бешинчи энергоблоклари қурилиши режалаштирилган бўлиб, улар ишга тушганидан сўнг станциянинг қуввати 2600 МВтга етади.