«Жиззах» махсус индустриал зонасида «Ўзбектелеком» миллий телекоммуникацион оператори ва Хитой сармоядорлари иштирокидаги қўшма корхоналарининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

«Ўзбектелеком» матбуот хизматининг хабар қилишича, Broadband Solutions, ZTT Telekom ва Smart Vision қўшма корхоналири КХР Раиси Си Цзиньпиннинг 2013 йил 8 сентябрда Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган шартнома асосида ташкил этилди.

Huawei иштирокида очилган Broadband Solutions қўшма корхонаси xPON оптик тармоқлари қурилиши учун актив элементлар, жумладан, OLT (стационар қурилма), MXU (кўча тарқатувчи қурилмалар) ва ONT (абонент терминали) ишлаб чиқаради.

ZTT иштирокида очилган ZTT Telekom ҚК эса оптик тармоқлар қуриш учун пассив элементлар: турли коннекторли (пигтейллар, патчкордлар) уланиш оптик тармоқларини қуриш учун оптик-толали кабель монтаж материалларини ишлаб чиқаради. Шунингдек, корхонада турли сиғимдаги оптик тармоқ қурилиши учун ташқи телекоммуникацион тақсимловчи шкафлар ишлаб чиқарилади.

Smart Vision компанияси ZTE иштирокида ташкил этилган бўлиб, xPON тармоғи фойдаланувчилари учун IP-телефонлар ва видеотелефонлар ишлаб чиқаради.

Янги ишлаб чиқариш корхоналари Ўзбекистон телекоммуникациялар инфраструктурасини илгари хорижий валюталарга сотиб олинган янги ускуналар билан таъминлайди.