Тошкент вилоятидаги Ангрен иссиқлик электр станциясида янги энергоблок ишга туширилди, дея хабар қилди ЎзА. Унинг қурилиши 32 ой давом этди.

Айни пайтгача йилига 600 миллион кВтс электр энергияси етказиб берган Ангрен иссиқлик электр станцияси энди бу кўрсаткични 869,36 миллион кВтс га етказади.

Умумий қиймати 226 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамиятининг ўз маблағлари ҳамда Хитойнинг «Eksimbank"и узоқ муддатли имтиёзли кредити ҳисобидан молиялаштирилди.

Олиб борилган ислоҳотлар самараси фақат электр қувватининг ортганида эмас, балки бу манбани ишлаб чиқаришда сарф-харажатлар миқдорининг сезиларли камайганида ҳам кўринади. Шунингдек, ушбу энергоблок куллик даражаси юқори бўлган кўмирни ёқишга мўлжалланган бўлиб, атроф-муҳитга таъсири нисбатан кам.