Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида «Узбекская модель» развития: великое возрождение" («Тараққиётнинг „ўзбек модели“: буюк юксалиш») деб номланган китоб-альбом нашрдан чиқди.

Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган ушбу нашр Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Правда Востока» газетаси ижодий жамоаси томонидан тайёрланган материаллардан жамланган.

Уларда мамлакатимизнинг мустақиллик йилларидаги тараққиёти мазмун-моҳияти очиб берилган. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ва давлатимизнинг тарихий ютуқларига асос бўлаётган ислоҳотлар кўлами ёрқин мисолларда ифода этилган.

Ундан Ўзбекистон раҳбариятининг ижтимоий ва иқтисодий тараққиётни таъминлаш, умумэътироф этилган «ўзбек модели"ни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, кўп миллатли жамиятимизда тинчлик-тотувликни сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида билиб олиш мумкин.

Китобда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, агросаноат ва транспорт соҳасини сифатли янгилаш, ёшларга оид давлат сиёсати ва кадрлар тайёрлаш, миллий маънавий тикланиш ҳамда ёшларни баркамол ривожлантириш мавзуларига алоҳида боблар бағишланган.

«Китоб-альбомнинг мақсади — кеча ким эдигу, бугун ким бўлганимизни, 25 йил давомида нималарга эришганимизни содда қилиб тушунтириш», — дейилади ЎзА хабарида.