Сентябрь ойида Бухоро-1 вокзали (Когон шаҳрида жойлашган) янги биносининг фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йуллари» АЖ ахборот хизмати хабар қилди.

Йўловчиларга қулайлик яратиш ва қатновлар сонининг ортиб бориши янги вокзалга бўлган эҳтиёж туфайли, ўтган йилнинг ёзида эски вокзал тўлиқ бузилиб, янги бино қурилиши бошланган эди. Эски вокзал 1902 йилда қурилган бўлиб, бир қаватдан иборат бўлган. У бир неча марта қайта таъмирланган бўлсада, кутиш зали ва перрон қисмининг кичиклиги боис бир вақтнинг ўзида бор-йўғи 100 нафар йўловчига мослашган эди.

Янги вокзал биноси икки қаватдан иборат бўлиб, бир вақтнинг ўзида 200 нафардан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Ундан меҳмонлар учун битта VIP-зали ҳамда тўртта дам олиш хоналари ўрин олади. Шу билан бирга она ва бола учун махсус хоналар ҳамда тиббиёт пункти, маълумотхона ва буфет ташкил этилади.

Бугунги кунга келиб вокзал биносининг биринчи ва иккинчи қаватларини қурилиб, том қисми ёпилди. Перрон қисми кенгайтирилиб, имконияти чекланган ва кўзи ожиз йўловчилар учун махсус йўлакчалар бунёд этилмоқда. Баҳорда вокзал ташқарисида замонавий фаввора, йўловчиларга чипта сотиш маскани ҳамда автомобиллар учун турар жой қурилади.

Бухоро вокзали чиптахоналарида маҳаллий йўналишлар ва халқаро қатновларга бир кунда 9000 га яқин чипта сотилади. 2015 йил йўловчиларга чипта сотилиши 2014 йилга нисбатан 9 фоиз кўп бўлган бўлса, йўловчилар сони 12 фоиз ошди.