21-23 декабрь кунлари Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Кристофер Аллан Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига расмий ташриф буюрди. Бу ҳақда Британия элчихонаси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Элчининг Самарқанд ҳокими ўринбосари Умид Назаров ҳамда Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Хайриддин Хўжаёров билан учрашувида шаҳар ва вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, ўзбек-британия қўшма корхоналарнинг фаолияти ва сармоя киритиш имкониятлари муҳокама қилинди. Самарқанд вилоятида 2015 йилнинг ўзида Британия сармоялари иштирокида тўққизта корхона очилган.

Шаҳрисабзда шаҳар ҳокими ўринбосари Зайниддин Ҳалилов Кристофер Алланни Амир Темурнинг Оқсаройи каби асосий тарихий обидаларни кўрсатиб, шаҳарда олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳамда буюк саркарданинг 680 йиллигига бағишланган кенг кўламли тадбирларга тайёргарлик жараёни билан таништирди.

Сурхондарё вилоятида Буюк Британия элчиси Бойсун шаҳри, шунингдек, Термиздаги бир неча тарихий обидалар билан танишди ҳамда Термиз давлат университетига ташриф буюрди.

Дипомат Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Абдужалил Абдуқодиров ҳамда Термиз шаҳар ҳокими ўринбосари Пўлат Тошпўлатов билан учрашди. Улар Термиз шаҳри ва вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда инвестиция имкониятлари ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, элчи Савдо-саноат палатасининг Сурхондарё вилоят бошқармасининг бошлиғи Тўра Боболов билан вилоят иқтисодиётининг муҳим соҳаларига, жумладан қишлоқ хўжалиги, ирригация ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, инновацион технологиялар жалб қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Кристофер Аллан Ўзбекистон билан Британиянинг ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини ошириш устувор масалалардан бири эканлигини таъкидлади.