19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Кенгаш Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисини 3 декабрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Парламент юқори палатаси ахборот хизматининг хабар беришича, ялпи мажлиснинг муҳокамасига 2016 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги, шунингдек, 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисидаги масалаларнинг киритилиши режалаштирилмоқда. 

Мажлиснинг кун тартибига қатор қонунлар киритилмоқда, жумладан, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги, «Ветеринария тўғрисида»ги (янги таҳрири), «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги (янги таҳрири) ва бошқалар.

Шу билан бирга, сенаторлар бош прокурорнинг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини муҳокама қиладилар.