Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф 17 ноябрь куни расмий ташриф билан Тошкентга келди, хабар қилди ЎзА.

Кўксарой қароргоҳида Покистон Бош вазирини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Сўнгра Ислом Каримов ва Навоз Шариф учрашув ўтказиб, унда асосий эътибор иккита мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.

«Ўзбекистон Покистонга нафақат яқин қўшни мамлакат, балки улкан сиёсий-иқтисодий, ҳарбий-техникавий ва инсоний салоҳияти, қулай геосиёсий ўрни ва вазмин ташқи сиёсати туфайли минтақада, муҳим халқаро масалаларни ҳал этишда етакчи роль ўйнаётган давлат сифатида қарайди. Ушбу расмий ташрифингизни узоқ муддатли Ўзбекистон — Покистон муносабатларида муҳим янги босқич, мамлакатларимиз икки томонлама, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ўзаро ишонч ва очиқлик руҳидаги олий даражадаги музокараларни давом эттиришга, кўп қиррали ва манфаатли ўзаро ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришга тайёр эканининг ёрқин ифодаси деб биламиз», — деди Ўзбекистон Президенти.

«Ўзбекистондек буюк мамлакатга яна бир бор ташриф буюрганимдан ғоят мамнунман. Муҳтарам Президент, Сизнинг оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсатингиз самарасида Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорлик таъминланмоқда, барча соҳалар изчил тараққий этмоқда. Халқаро иқтисодиётдаги мураккабликларга қарамай, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши кейинги йилларда 8 фоиздан зиёд бўлиб келаётгани бунинг тасдиғидир. Олий даражадаги мулоқотларнинг мунтазамлиги самарасида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни, хавфсизлик борасидаги ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш, энергетика соҳасидаги алоқаларимизни кенгайтиришнинг янги имкониятлари пайдо бўлмоқда», — деди Покистон Бош вазири.

Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 10 майда ўрнатилган. Ўзбекистоннинг улкан иқтисодий салоҳияти, геостратегик ўрни, ривожланган инфратузилмаси Покистон учун муҳим аҳамиятга эга. Покистон минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги ўрни, денгиз портларига чиқиш имконияти, йирик бозори билан Ўзбекистон учун истиқболлидир.

Икки мамлакат халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шу йил июль ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Уфа шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Покистонни ШҲТга қабул қилиш жараёнини бошлаш бўйича қарор имзоланди.

Ислом Каримов ва Навоз Шариф ўзаро ҳамкорлик ривожига бевосита дахлдор бўлган Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва барқарорлик таъминланиши масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Афғонистон муаммосини фақат бир йўл — БМТ шафелигида тинч сиёсий музокаралар ўтказиш ва ўзаро курашаётган томонларни муросага келтириш орқалигина ҳал этиш мумкинлиги ҳақида якдил фикр билдирилди. Шунингдек, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм, наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир масалалар муҳокама қилинди.

Музокарада савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ўзаро товар айланмаси Ўзбекистон билан Покистоннинг иқтисодий салоҳияти ва кенг имкониятлари даражасида эмаслиги таъкидланди. Фойдаланилмаётган ресурсларни ишга солиш, савдо айланмаси ҳажмини ошириш ва диверсификациялаш масалалари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Покистон ҳукуматлараро комиссияси ишини фаоллаштириш, унинг мажлисларини мунтазам ўтказишга келишиб олинди.

Музокаралар якунида Ислом Каримов ва Навоз Шариф Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги Қўшма декларацияни имзоладилар. Шунингдек, ўзаро савдо муносабатларини ривожлантириш, солиқ соҳасида қўшимча имтиёзлар яратиш, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.