10 ва 12 ноябрда Нукус ва Кегайлида кўргазмали семинарлар ўтказилиб, Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларидаги фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш йўллари муҳокама қилинади.

Семинарларни Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт Дастури ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати марказининг «Ўзбекистоннинг қурғоқчил районларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш» қўшма лойиҳаси ташкил этмоқда. 

У 2014 йилда БМТнинг Иқлим ўзгариши ҳақидаги Умумий Конвенциясининг Адаптация (Мослашиш) жамғармаси молиявий кўмагида Қорақалпоғистоннинг иқлим ўзгаришларига ўта сезувчан шимолий ҳудудларида ишга туширилди.

Лойиҳа амалга ошириладиган олти йил мобайнида марказий, вилоят ва маҳаллий давлат ҳокимияти идораларига, унчалик яхши ҳимояланмаган жамиятлар, фермер ва деҳқон хўжаликларига ушбу минтақадаги қурғоқчиликнинг асоратларини бартараф қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишга ҳамда уларнинг салбий иқлим ўзгаришларига чидамлилигини оширишга кўмак берилади.

Лойиҳа вакилининг «Газета.uz»га хабар қилишича, семинарларда мазкур йўналишдаги фаолиятнинг дастлабки йили натижалари тақдим этилади, иқлим ўзгаришига мослашув бўйича чора-тадбирларни режалаштириш, лойиҳалаштириш ва амалга ошириш мақсади бўлган гидрометеорология ва иқлим мониторингини такомиллаштириш зарурлиги тушунтириб берилади.

Ушбу ўқув тадбирларида асосий эътибор шимолий ҳудудларда иссиқхона хўжаликларининг ривожланиш истиқболлари, қурғоқчиликни олдиндан огоҳлантириш тизимларини, лазер ёрдамида ерларнинг чизмасини тузиш, сувни тежовчи технологиялар ва кўплаб бошқа нарсаларни жорий қилишга қаратилади.

Семинар якунида Нукус ва Кегайлида фермер ва деҳқонларга иқлим ўзгаришига мослашув масалалари бўйича кўмак бериш марказлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи марказлар очилади.