МДҲга аъзо мамлакатлар Темир йўл транспорти кенгашининг 63-мажлиси Тошкентда бўлиб ўтмоқда. Уни кенгаш раиси, Россия темир йўшллари" компанияси президенти О.Белозёров очди.

Мажлисда ҳамкорликни янада ривожлантириш ва Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар темир йўл транспорти кенгашининг аввалги мажлислари доирасида эришилган келишувлар қандай амалга оширилаётганига оид масалалар муҳокама этилди ҳамда шу йилнинг 9 ойи давомида бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Ўтган даврда Ҳамдўстлик мамлакатларининг пўлат излари орқали 1,4 миллиард тонна юк ташилгани ва бу қабул қилинган мажбуриятлардан 15 фоиз кўп экани, шунингдек, ташишлар ўртача масофаси 3,5 фоиз ошгани қайд этилди.

Ҳисобот даврида контейнерларда 20 миллион тонна юк ташилди ва бу қабул қилинган мажбуриятлардан 6,1 фоиз кўпдир. 2015 йилнинг тўққиз ойида халқаро йўналишларда хизмат кўрсатилган йўловчилар сони 14,8 миллион кишини ташкил этди.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Ҳамдўстликка аъзо бошқа мамлакатларнинг саноат, илмий ва эксплуатация корхоналари, кадрларни сифатли тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув марказлари билан яқин алоқаларни кенгайтирмоқда, МДҲ темир йўл транспорти маъмуриятлари билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.