Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 5 ноябрь куни Корея Республикаси саноат, савдо ва табиий ресурслар вазирининг биринчи ўринбосари Ли Хван Сопни қабул қилди, деб хабар қилади ЎзА.

И.Каримов Жанубий Корея Ўзбекистоннинг асосий инвестицион ва технологик ҳамкорларидан эканини таъкидлади. Жанубий Корея бизнеси Ўзбекистон иқтисодиётининг турли соҳаларида кўплаб стратегик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бунга қиймати қарийб 4 миллиард долларга тенг Устюрт газ-кимё мажмуаси қуриб битирилганини мисол қилиб келтириш мумкин.

Суҳбат чоғида жанубий кореялик инвесторларнинг Ўзбекистондаги давлат корхоналари ва активларини хусусийлаштириш жараёнида иштироки, етакчи саноат ва инфратузилма тармоқларида янги инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Томонлар Халқаро инвестиция форуми доирасида жанубий кореялик ҳамкорлар билан нефть-газ, кимё, электротехника, машинасозлик ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва инфратузилма тармоқларидаги давлат активларини сотиб олиш бўйича умумий қиймати 220 миллион доллардан зиёд 24 битим ва меморандум имзоланишини юксак баҳолади.

Ли Хван Соп Корея Республикаси Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни, аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга устувор аҳамият беришини таъкидлади.