4 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Барбара Логан Ҳейни қабул қилди, деб хабар қилади ТИВ матбуот хизмати.

А.Комилов Барбара Логан Ҳейни Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгаши ҳамраиси этиб тайинлангани билан табриклади. Ушбу кенгаш икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни фаоллаштириш ва кенгайтиришнинг самарали механизмларидан биридир.

Томонлар давлатлараро мулоқотнинг изчил ривожланиши нуқтаи назаридан Ўзбекистон ва Буюк Британия ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболи, шунингдек, 5 ноябрь куни Тошкентда очилаётган Халқаро инвестиция форумида Британия делегациясининг иштироки билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.

Буюк Британия Элчиси Кристофер Алан иштирокидаги учрашув давомида халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, Барбара Ҳей 1995-1999 йилларда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси бўлган эди.