«Ўзбекистон темир йўллари» поездларининг мамлакат ичидаги ва халқаро рейсларга (МДҲ мамлакатлари) чипталарини 12 октябрдан бошлаб eticket.uzrailway.uz сайти орқали харид қилиш мумкин.

Компаниядан «Газета.uz»га хабар қилишларича, айни пайтда электрон чипталар ҳақини UZKART онлайн картаси билан сўмда тўлаш, карта эгаси билан саёҳат қилувчининг исмлари ўзаро тўғри келмаслиги ҳам мумкин. Масалан, бошқа мамлакатда яшаётган қариндошга чипта сотиб олса ҳам бўлади.

Электрон чиптани харид қилиш учун сайтда рўйхатдан ўтиш керак. Рейс, вагон тури ва жойни танлаб, саёҳат қилувчининг паспорт ва бошқа маълумотларини киритгандан сўнг пул ўтказилади, сўнгра чиптани қоғозга чиқариб олиш мумкин.

Агар уни чоп этиш иложи бўлмаса, электрон чипта рақамини (14 та рақам) қоғозга ёзиб, бориб кассадан олиш ҳам мумкин. Электрон чипталарни расмийлаштириш қоидалари ва тартибини «Ўзбекистон темир йўллари»нинг сайтидан ўқиб билиб олса бўлади.