Ўзбекистоннинг тўққизта банки «РИА Рейтинг» агентлиги эълон қилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг 200 та йирик банки йиллик рейтингига кирди.

Рейтинг очиқ манбалар — ошкор молиявий ҳисоб-китобларга асосланади. МДҲ давлатларида мавжуд 1100 та банкдан 10 та мамлакат: Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Грузия (2009 йили МДҲдан чиқиб кетди), Қозоғистон, Молдова, Россия, Туркманистон ва Украинанинг 200 та йирик банки ушбу рўйхатга кирди.

Ўзбекистон банклари ўртасида рейтингдаги биринчи ўринни Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (умумий рейтингдаги ўрни — 43, 1 январь ҳолатига кўра активлари — 5,3 млрд доллар, яъни мамлакат банк тизими капиталининг 22,8 фоизи), иккинчи ўринни Ўзсаноатқурилишбанк (61, 3,23 млрд доллар, 13,9 фоиз), учинчи ўринни «Асака» банки (86, 2,17 млрд, 9,3 фоиз) эгаллади.

Тўртинчи ўринни «Қишлоққурилишбанк» (122-ўрин, 1,41 млрд, 6,1 фоиз), бешинчи ўринни «Ипотека-банк» (126-ўрин, 1,35 млрд, 5,8 фоиз), олтинчи ўринни Халқ банки (133-ўрин, 1,23 млрд, 5,3 фоиз), еттинчи ўринни «Агробанк» (136-ўрин, 1,18 млрд, 5,1 фоиз), саккизинчи ўринни «КДБ банк Ўзбекистон» (162-ўрин, 870 млн, 3,8 фоиз) ва тўққизинчи ўринни «Ҳамкорбанк» (191-ўрин, 720 млн, 3,1 фоиз) банд этди.

«РИА Рейтинг» экспертлари баҳосига биноан, МДҲдаги 200 та йирик банкнинг жами активлари 1 январь ҳолатига кўра 1,47 трлн доллар бўлди ва бир йил олдинги ТОП-200 активларидан 355 млрд доллар ёки 19,5 фоиз камдир.