29 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида Наманган ва Фарғона вилоятларида бўлди, деб хабар қилади ЎзА.

Ислом Каримов Наманган вилоятига сафарини Мингбулоқ туманидаги «Барака» фермер хўжалиги билан танишишдан бошлади ва у ерлик фермерлар билан суҳбатлашди.

«Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун муҳим мавсум бўлган шу кунларда сизлар билан дийдор кўришиш, ҳорманг деб, барчангизга куч-қувват тилаш менга катта мамнуният бағишлайди, — деди Президент. — Илгари деҳқон етиштирган пахтасини тезроқ заводга топширишни, қандай қилиб бўлмасин, режани бажаришни ўйларди. Пахтанинг нави, сифати, пахтакорнинг даромади ҳеч кимни қизиқтирмас эди. Бугун сифатли пахта етиштиришдан, уни вақтида йиғиб-териб юқори навларга топширишдан аввало фермерларнинг ўзи манфаатдор. Чунки қанча сифатли пахта тайёрласа, шунча кўп даромад топмоқда». .

Фақат ғалла ва пахта етиштириш билан юксак фаровонликка эришиб бўлмайди. Доим изланиш, ўрганиш, дунё билан ҳамқадам бўлиш, янги марралар сари интилиш зарур. Қишлоқларда одамларга юқори даромад келтирадиган замонавий саноат корхоналарини кўпайтириш, иқтисодиёт тармоқларини таркибий ўзгартиришни изчил давом эттириш керак, дея таъкидлади Президент.

«Илгари ҳавас қилган мақсадларимизга бугун эришмоқдамиз. „Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг манфаатлари учун“ деган эзгу ғоя одамларимиз ҳаётида ўз ифодасини топмоқда. Бу барчамизга қанот, ўз кучимизга ишонч, айни чоғда қувонч бағишламоқда», — деди мамлакат раҳбари.

Сўнгра Президент Уйчи туманидаги пахта терилаётган «Обод замин» фермер хўжалиги далаларига ташриф буюрди.

Президентимиз куннинг иккинчи ярмида Фарғона вилоятига келди ва Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш борасидаги ишлар билан танишди. Бош режага кўра, замонавий корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари ва стадионлар, йўллар, хиёбонлар бунёд этилаётир.

Ислом Каримов Марғилон шаҳридаги «Наримтекс» қўшма корхонаси фаолияти билан танишди ҳамда ички ва жаҳон бозорида муносиб ўрин топиш учун мунтазам изланиш, янги-янги маҳсулот турларини ўзлаштириш, бозор коньюктурасини ўрганган ҳолда маҳсулот тайёрлаш, дизайн масалаларига эътиборни кучайтириш, энг асосийси, жаҳон бозорида ўз брендини яратиш зарурлигини қайд этди.

«Бугун халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг замонавий кийинишга эҳтиёжи ва талаби тобора ошиб бормоқда, — деди Ислом Каримов. — Уларнинг ўсиб бораётган талабини юртимизда ишлаб чиқарилган замонавий ва сифатли маҳсулотлар ҳисобидан қондириш муҳим вазифадир. Бунинг учун замонавий корхоналарни янада кўпайтириш, истеъдодли, замон ва бозор талабларини чуқур ҳис этадиган моҳир тадбиркорларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш лозим».

Президентнинг Фарғона водийсига сафари давом этмоқда.