2015-2019 йилларда 2699,8 км, жумладан, 2281,3 км асфальт қопламали ва 418,5 км цемент-бетон қопламали автомобиль йўллари қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси директори ўринбосари Шуҳрат Даулетяров (суратда ўнгда) жума куни матбуот конференциясида хабар қилди.

Улкан миқёсли лойиҳа — умумий узунлиги 2750 километрдан ошиқ бўлган миллий автомагистраль қурилиши ҳам 2019 йилда тугалланади. Андижондан Қўнғиротгача ва Самарқанддан Термизгача бўлган янги участкаларнинг модернизацияланиши ва қурилиши натижасида барча автомобиль йўллари халқаро стандартларга тўлиқ мос бўлади, деди фонд раҳбари.

Жорий йилда 376,6 километрдан ортиқ тўрт полосали йўл қурилмоқда ва реконструкция қилинмоқда. Республика йўл жамғармаси халқаро ва республика аҳамиятига эга 112 километр магистрал ҳамда 130 километр маҳаллий йўлни капитал таъмирлаш учун маблағ ажратди.

Автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларида йўл қопламаларининг сифати ва чидамлилигини оширадиган замонавий қурилиш услублари ва технологияларидан фойдаланилади. Бунинг учун махсус 993 та замонавий техника ва тармоқ корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватини янгилаш имконини берадиган 38 та комплекс харид қилинди.

Жорий йилда Ўзбекистонда автомобиль йўллари қурилиши ва реконструкциясига 1,543 трлн сўмдан ошиқ маблағ ажратилди. Шундан 1,103 трлн сўм Республика йўл жамғармаси ва 440,2 млрд сўм (172 млн АҚШ доллари) эса халқаро молия муассасалари ажратган маблағдир.

Маълумот: Ўзбекистон автомобиль йўллари тизими, тахминан, 184 минг км йўлдан иборат, бунга 42654 км умумий фойдаланиш, 67274 км қишлоқ, 61664 км шаҳар кўчалари, 5462 км корхоналари мулки бўлган ва 6631 км идораларга тегишли йўллар киради.

Таъкидлаш жоизки, ҳайдовчи ва йўловчилар учун юқори даражадаги қулайликлар яратиш мақсадида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, яқин вақт ичида йўл бўйида кемпинг ва мотеллар, ёнилғи қуйиш шохобчалари, тиббий ва техник ёрдам кўрсатиш пунктлари, автомобиллар тўхташ жойлари ва сайёҳлик комплекслари каби 240 та хизмат кўрсатиш объекти қурилиши режалаштирилмоқда. 

Транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш миллий иқтисодиётни ривожлантириш суръатларига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасини мустаҳкамлашга йўналтирилган комплекс дастурлар, автомобиль йўллари сифатини яхшилаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Жумладан, мавжуд чорраҳалар, йўл ўтказгичлар, кўприк ва йўллар реконструкция қилинмоқда, янгилари барпо этилмоқда.