Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 22 сентябрь куни Оқсаройда Корея Республикаси Экспорт-импорт банки (Эксимбанк) президенти Ли Дук Хунни қабул қилди, деб хабар қилади ЎзА.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон билан Корея Республикаси Эксимбанки ўртасида инвестиция ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ли Дук Хун Эксимбанк Жанубий Корея ишбилармон доиралари қаторида Ўзбекистон билан ўзаро фойдали ва узоқ муддатли ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Ушбу банк раҳбариятининг сафари чоғида «Асака» акциядорлик тижорат банки билан Эксимбанк ўртасида 160 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит тақдим этиш бўйича банклараро битим имзоланди ва томонлар ушбу ҳужжатга қўл қўйилишини юқори баҳолади.

Корея Республикаси Эксимбанки Ўзбекистон Республикасининг Осиё-Тинч океани минтақасидаги асосий шерикларидан биридир. 1999 йилдан буён Ўзбекистонда мазкур банк маблағлари ҳисобидан 935 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳалар амалга оширилди. 2012 йилдан буён умумий қиймати қарийб 1,2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда, яна 900 миллион доллар миқдоридаги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Эксимбанк Сурғил кони негизида бунёд этилаётган Устюрт газ-кимё мажмуасининг асосий кредиторларидан бири эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Банк бу йирик лойиҳага бир миллиард АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган.