Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўп қаватли уйларда параболик антенналар ёки кондиционерлар ўрнатишни чеклашга қаратилган ҳеч қандай қарор ёки фармойиш қабул қилган эмас.

«Бундай масала кун тартибига ҳам қўйилгани йўқ», — деди шанба куни ўтказилган брифингда пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Эрматов.

Бугунги кунда Тошкент бош кўчаларини реконструкция қилиш, ободонлаштириш, йўл транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, бинолар ва иншоотларнинг меъморий қиёфасини янгилаш ишлари давом этмоқда. Ушбу тадбирлар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 5 август куни қабул килинган қарорига асосан амалга оширилмоқда.

Брифингда қайд этилганидек, мутахассислар биноларни ва кўп қаватли турар-жойларнинг ҳолатини ўрганиш жараёнида Уй-жой кодесксининг айрим бандлари (2, 5, 16, 21, 24 ва 124) бузилаётгани ҳолатларни аниқламоқда.

«Кўп қаватли уйлар олдидаги ноқонуний қурилмалар, айвонларни ўзгартириш, ғишт билан ўраб олиш ва хонадонлар ичидаги ноқонуний таъмирлаш ишлари нафақат уйларнинг фасад қисмлари кўриниши, балки бевосита уларда яшовчи фуқаролар хавфсизлигига ҳам таҳдид қилади. Бу каби ўзгартишлар кўп қаватли уйларнинг қурилиш нормативларига ҳам зиддир», − деди Ҳусан Эрматов.

Шу билан бирга, брифингда кабель тармоқларига улаш кўп қаватли уйларнинг йўлакларида махсус ажратилган жойлар бўлишига қарамай, том устлари орқали амалга оширилаётгани ва бу томлардаги замонавий полизол қопламалар шикастланишига сабаб бўлаётгани ёки уланиш симлари уйларнинг олд қисмига осилиб тушаётгани тилга олинди.

Тошкент шаҳар Коммунал фойдаланиш бирлашмаси раҳбари Илҳом Маҳкамов пойтахт магистраль кўчалари бўйидаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолини Уй-жой кодекси талабларига амал қилишга чақирди.