Президент Ислом Каримовнинг фармонига кўра, тўрт киши «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлди ва уларга олий нишон — «Олтин юлдуз» медали топширилади.

Энг юксак мукофотга Тошкент давлат шарқшунослик институтининг «Мумтоз филология» кафедраси профессори Суйима Ганиева, «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси бош директори Кувондик Санакулов, «Нуроний» жамғармасининг Андижон вилояти бўлими раиси Таваккал Топволдиев ва Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги «Ҳосил» фермер хўжалиги бошлиғи Аваз Ҳосилов сазовор бўлди.

«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони «Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтириш, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш борасида давлат ва халқ олдидаги улкан хизматлари, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳалардаги кўп йиллик фидокорона меҳнати ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси учун» берилади.