Игорь Савицкий номидаги давлат санъат музейи жамоаси директор Мариника Бабаназарованинг ишдан бўшатилганига норозилик билдирди. Норозилик хати музей сайти ва унинг Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилинди.

«Музей асосчиси таваллудининг 100 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари арафасида директоримизнинг ишдан ноқонуний бўшатилганига жамоатчилик эътиборини жалб қилмоқчимиз. Жамоа рўй бераётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар билан келиша олмайди», — дейилади ижтимоий тармоқдаги мурожаатда.

«Савицкий номидаги санъат музейи жамоаси чет эл ОАВда эълон қилинган туҳмат хатдан қаттиқ ғазабда. Унда келтирилган далиллар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дея таъкидланади жамоанинг Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов номига ёзган хатида.

Жаҳонга машҳур музей ходимлари Маданият ва спорт ишлари вазирлигидан мавжуд вазиятни ўрганиб чиқишни, бадном қилмоқчи бўлган хат муаллифини аниқлашни ва уни жавобгарликка тортишни илтимос қилмоқда.

Улар яна музей фондларини хатловдан ўтказиш тартибининг бузилганлик ҳолатлари бўйича тергов ўтказиш ҳамда музей коллекцияси эскпонатларини алмаштириб қўйиш ва ўғирлашга оид айбловларни текшириш учун эксперт комиссияси тузишга чақирмоқда.